Фарғонада қурилиш материаллари саноат парки ташкил этилади
2026-09-21 17:15:00 / Янгиликлар

Учрашувда вилоятда “Қурилиш материаллари саноат парки”ни ташкил этиш лойиҳаси ва қурилиш саноатини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Лойиҳа доирасида илмий-тадқиқот ва синов лабораториялари, замонавий энергия тежамкор технологиялар жойлаштирилиши режалаштирилган. Вилоятнинг қурилиш материаллари ва хомашёга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, маҳсулотлар сифатини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Учрашувда лойиҳа доирасида зарур инфратузилмани шакллантириш ва лаборатория фаолиятини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хитойлик сармоядорларнинг вилоятдаги қулай инвестицион муҳитдан фойдаланиб, янги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиши ортиб бораётгани қайд этилди.
Вилоят ҳокими истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, саноат паркини белгиланган тартибда қисқа муддатларда амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Лойиҳага амалий кўмак кўрсатиш учун мутасадди раҳбарлар масъул этиб белгиланди.
Мулоқотда қурилиш саноатидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва лойиҳани амалга ошириш бўйича кейинги чора-тадбирлар келишиб олинди.


