Фарғона халқаро тиббиёт анжуманига мезбонлик қилмоқда
2026-09-18 12:55:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли халқаро анжуманда Россия, Италия, Франция, Бразилия, Польша, Жанубий Корея, Исроил, Латвия, Беларусь, Қирғизистон ва Қозоғистон каби мамлакатлардан келган етакчи мутахассислар, олимлар ва экспертлар, шунингдек, юртимизнинг турли ҳудудларидан соҳа вакиллари иштирок этмоқда.
Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзоджон Полвонов иштирок этиб, анжуман қатнашчиларини қутлади.
Бугунги кунда инсон саломатлигини асраш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва соғлом узоқ умр кўриш учун замонавий тиббиёт ютуқларидан самарали фойдаланиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, пластик ва реконструктив жарроҳлик, эстетик тиббиёт ҳамда дерматокосметология соҳаларида янги технология ва инновацион ёндашувлар жадал ривожланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, «ATLAS» конгресси илмий билим, замонавий тиббий технологиялар ва амалий тажрибани бирлаштирувчи халқаро мулоқот майдони сифатида алоҳида аҳамият касб этаётганлиги қайд этилди.
Тадбир давомида тиббиёт соҳасининг масъул вакиллари, етакчи олимлар ҳамда халқаро экспертлар сўзга чиқиб, анжуманнинг мақсад ва вазифалари, замонавий тиббиётдаги янги тенденциялар, илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашишнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Хорижий мутахассислар пластик ва реконструктив жарроҳлик, эстетик тиббиёт, дерматокосметология ҳамда узоқ ва соғлом умр кўриш йўналишларидаги илғор тажрибалар билан ўртоқлашиб, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини қайд этдилар.
Шунингдек, маҳаллий тиббиёт муассасалари вакиллари мамлакатимизда ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар, замонавий тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ва халқаро тажрибани амалиётга жорий этиш борасидаги имкониятлар хусусида тўхталдилар.
Конгресснинг «ATLAS» деб номланиши ҳам рамзий маънога эга. Атлас — ранглар уйғунлиги, гўзаллик, нафосат ва миллий маданий меросимизнинг ёрқин ифодаси. Бугун эса ушбу ном остида турли мамлакатлардан келган мутахассислар, турли тиббиёт мактаблари вакиллари ва олимлар инсон саломатлиги, ҳаёт сифатини ошириш ҳамда соғлом узоқ умр кўришга хизмат қилувчи илмий ва амалий ёндашувларни муҳокама қилмоқдалар.
Анжуманда 130 нафардан ортиқ спикер ва 250 нафардан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.
Конгресс дастуридан пластик ва реконструктив жарроҳлик, эстетик тиббиёт ҳамда дерматокосметологиянинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалар, мастер-класслар, амалий машғулотлар ва фанлараро сессиялар ўрин олган. Хусусан, юз ва бўйин эстетик жарроҳлиги, сут бези хирургияси, инъекцион ва аппарат технологиялари, комплекс эстетик коррекция усуллари каби йўналишлар муҳокама қилинади.
Бундай халқаро майдонлар нафақат замонавий тиббий технологиялар ва усулларни намойиш этиш, балки турли тиббиёт мактаблари ўртасида тажриба алмашиш, ёш мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва янги илмий-амалий ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйиш учун муҳим имконият яратади.
Фарғона вилоятининг бундай нуфузли халқаро тиббий анжуманга мезбонлик қилиши ҳудуднинг илмий, тиббий ва туристик салоҳиятини халқаро майдонда намоён этиш, хорижий мутахассислар билан профессионал алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
«ATLAS» халқаро кўп тармоқли конгресси ўз ишини эртага, 19 сентябрь куни ҳам давом эттиради.









