Фарғонада халқаро конференция ва “Ўзбекистоннинг энг қулай инвестицион маркази” медиатури ўтказилмоқда
2026-09-18 09:40:00 / Янгиликлар

Хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган “Ижтимоий онгнинг шаклланишида ОАВларнинг ўрни” мавзусидаги Фарғона III халқаро конференцияси ва “Ўзбекистоннинг энг қулай инвестицион маркази” медиатури ана шундай муҳим тадбирлардан бўлмоқда.
Уч кун давом этиши режалаштирилган ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад ахборот алмашинуви орқали давлатлар ўртасидаги маданий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Фарғона вилоятининг инвестицион салоҳиятини хорижлик меҳмонларга бевосита намойиш этишдан иборат. Ушбу мақсадда Япония, Хитой, Туркия, Россия, Ҳиндистон каби 12 давлатдан ОАВ раҳбарлари ва журналистлар таклиф этилган.
Уларга Фарғона вилоятининг саноат, инвестиция ва экспорт салоҳияти, туризм имкониятлари яқиндан таништирилмоқда.
Бугун Фарғона шаҳридаги “Фарғона экспо” марказида бўлиб ўтган тантанали тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Шерзоджон Полвонов, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжаев, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров ва қатор мутасадди раҳбарлар қатнашди.
Тадбирда Фарғона вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва инвестицион салоҳияти ҳақида маълумот берилиб, вилоятдаги янгиланишларни акс эттирувчи видеоролик намойиш этилди.
Мулоқотлар давомида замонавий медиа маконининг ривожланиш тенденциялари, соҳадаги долзарб масалалар, илғор тажриба алмашинуви ҳамда ислоҳотларни ёритишда журналистиканинг ўрни муҳокама қилинди. Медиа соҳасидаги янгиланишлар ва мавжуд муаммолар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, илмий-амалий ёндашувлар тақдим этилди.
Форум давомида хорижлик меҳмонлар Қўштепа туманидаги “Fergana Global Textile” МЧЖ фаолияти, Олтиариқ узумзорлари, Марғилон ҳунармандлар маркази билан танишдилар ҳамда Марғилондаги водий гавҳари бўлмиш Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва туризм мажмуасида бўлиб ўтаётган “Атлас байрами” VII халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалида бевосита иштирок этишди.
Эътиборлиси, Фарғона вилояти нафақат бой тарихий-маданий мероси, балки замонавий саноат ва экспорт салоҳияти билан ҳам халқаро ОАВ вакилларида катта таассурот қолдирмоқда.
Форумнинг сўнгги кунида меҳмонлар Риштон туманида кулолчилик анъаналари ҳамда қадимий Қўқон шаҳрининг тарихий обидалари билан яқиндан танишадилар.









