Фарғона яна бир катта шодиёна-"Атлас байрами"га мезбонлик қилмоқда
2026-09-17 11:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов сўзга чиқиб, иштирокчиларни гўзал ва бетакрор Фарғона заминида, қадимий ва ҳамиша навқирон Марғилон шаҳрида ўтказилаётган нуфузли халқаро фестивалнинг очилиши билан самимий табриклади.
Бугунги кун Фарғона вилояти, Марғилон шаҳри, миллий ҳунармандчилик ва халқимизнинг бой маданий мероси учун алоҳида аҳамиятга эгалиги, айниқса, “Атлас байрами”нинг жаҳон ҳунармандлари шаҳри сифатида эътироф этилган Марғилонда ўтказилаётгани чуқур рамзий маънога эга эканлиги қайд этилди.
Фестивалда дунёнинг турли мамлакатларидан таниқли ҳунармандлар, дизайнерлар, соҳа мутахассислари, санъат намояндалари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.
“Атлас байрами” Марғилонни яна бир бор жаҳон ҳунармандчилиги, дизайн ва маданият вакиллари учрашадиган нуфузли халқаро майдонга айлантираётгани таъкидланди. Фестиваль ўтказилаётган “Водий гавҳари” мажмуаси эса Фарғонанинг бой миллий меъморчилиги, урф-одатлари, меҳмондўстлиги ва замонавий бунёдкорлик салоҳиятини ўзида мужассам этган маскан сифатида эътироф этилди.
Фестиваль доирасида янги ғоялар ва ижодий лойиҳалар юзага келиши, ўзаро тажриба алмашинуви ҳамда ҳунармандлар ва дизайнерлар ўртасида халқаро ҳамкорлик алоқалари янада кенгайишига ишонч билдирилди.
Тантанали маросимда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади видеоалоқа орқали иштирокчиларни фестивалнинг очилиши билан табриклади.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, VII халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали — “Атлас байрами” расман очиқ деб эълон қилинди.
Тадбир иштирокчилари республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ҳунармандлар учун ташкил этилган павилёнларда намойиш этилаётган миллий тўқимачилик, ҳунармандчилик ва дизайн намуналарини томоша қилдилар.
Фестиваль дастурига мувофиқ тадбирлар давом этмоқда.









