Фарғона ва Улсан маҳаллий кенгашлари ўртасида мулоқот ўрнатилади
2026-09-15 16:05:00 / Янгиликлар

Мулоқотда Фарғона вилояти ва Улсан шаҳри ўртасидаги ҳамкорликни маҳаллий вакиллик органлари даражасида ҳам мустаҳкамлаш, икки ҳудуд кенгашлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
Вилоят ҳокими Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органларининг ваколатлари ажратилгани, Кенгашларнинг мустақиллиги ҳамда ҳудудларни ривожлантиришга доир муҳим масалаларни ҳал этишдаги масъулияти кучайтирилаётгани қайд этилди.
Учрашувда Фарғона вилояти ва Улсан шаҳри Кенгашлари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, парламентлараро ва ҳудудлараро мулоқотни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, саноат ва инвестициялар, таълим, маҳаллий бошқарув ҳамда ҳудудларни барқарор ривожлантириш йўналишларида ҳамкорлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.
Улсан метрополитен шаҳри Кенгаши маҳаллий вакиллик органи сифатида шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига дахлдор муҳим масалаларни муҳокама қилиш, тегишли қарорларни қабул қилиш ҳамда маҳаллий бошқарув жараёнларида аҳоли манфаатларини ифода этишда муҳим ўрин тутади.
Учрашув якунида икки ҳудуд маҳаллий Кенгашлари ўртасида мунтазам мулоқот ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга ўзаро қизиқиш билдирилди.






