Фарғона ва Улсан: биродарлик алоқаларидан амалий ҳамкорлик сари
2026-09-15 15:55:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида шаҳар мэри Ким Сан Ук билан учрашув бўлиб ўтди.
Самимий мулоқотда Фарғона ва Улсан ўртасида қисқа вақт ичида шаклланган муносабатларни энди аниқ лойиҳалар ва янги ташаббуслар билан бойитиш ҳамда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш хусусида фикр алмашилди.
Улсанни Кореянинг “саноат пойтахти” деб аташлари бежиз эмас. Автомобилсозлик, кемасозлик ва нефть-кимё саноати шаҳар иқтисодиётининг асосий устунларидир. Айни пайтда Улсан водород энергетикаси, офшор шамол энергетикаси, келажак автомобиллари ва замонавий энергетика технологияларини янги тараққиёт йўналишлари сифатида жадал ривожлантирмоқда.
Улсан тажрибасининг яна бир эътиборли жиҳати — саноат тараққиёти ва экологик барқарорлик ўртасида мувозанат яратишга интилишдир. Бир вақтлар саноат ифлосланишидан жиддий зарар кўрган Тэхваганг дарёсининг қайта тикланиб, бугун шаҳарнинг муҳим экологик маконларидан бирига айлангани бунинг ёрқин мисолидир.
Фарғона ва Улсан муносабатларининг тарихи ҳали узоқ эмас, аммо унинг мазмуни аллақачон салмоқли. 2025 йил март ойида Фарғонада икки ҳудуд ўртасида дўстона алоқалар ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ниятлар баённомаси, октябрь ойида Улсанда биродарлашган ҳудудлар муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим билан алоқалар янги мақомга кўтарилди.
Бугун бу ҳужжатлар қоғоздаги келишув бўлиб қолмаяпти. Фарғонада Корея стандартлари асосида мутахассислар тайёрлаш тизими йўлга қўйилмоқда. Фарғоналик ёшлар Улсаннинг кемасозлик корхоналарида меҳнат қилиб, замонавий технологиялар, ишлаб чиқариш маданияти ва юқори саноат стандартларини ўзлаштирмоқда. Бу эса икки ҳудудни боғлаётган энг муҳим ришталардан бири — инсон капитали ва ўзаро ишонч мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Учрашувда энди ушбу ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Улсаннинг илғор саноат тажрибаси ва технологияларини Фарғонага жалб этиш, корхоналар ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш, автомобилсозлик ва келажак мобиллиги, энергетика ҳамда “яшил” саноат йўналишларида қўшма лойиҳаларни шакллантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, икки ҳудуд аҳолисини бир-бирига янада яқинлаштириш, маданий ва гуманитар алоқаларни кучайтириш мақсадида Фарғонада “Улсан кунлари”ни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
— Биз Фарғона ва Улсан ўртасида имзоланган ҳужжатларга шунчаки дипломатик келишув сифатида эмас, балки узоқ йилларга мўлжалланган дўстлик, иқтисодий ва технологик шерикликнинг мустаҳкам пойдевори сифатида қараймиз. Энг муҳими, бу дўстликнинг самарасини одамларимиз, ёшларимиз ва тадбиркорларимиз ҳис қилиши керак, — деди Хайрулло Бозоров.
Фарғона ва Улсанни минглаб километр масофа ажратиб туради. Аммо бугун икки ҳудудни умумий мақсадлар — тараққиёт, замонавий технологиялар, ёшлар учун янги имкониятлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тобора яқинлаштирмоқда.
Учрашув якунида "йўл харитаси" ишлаб чиққан ҳолда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.




