«Нефтчи» ва Кореянинг «Paju Frontier FC» футбол клуби ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди
2026-09-12 15:15:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров футбол шунчаки спорт тури эмас, балки миллионлаб инсонларни бир мақсад атрофида бирлаштирадиган, уларга завқ ва кўтаринки кайфият бағишлайдиган, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлайдиган муҳим восита эканини таъкидлади.
Айниқса, Корея Республикасида таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган фарғоналик ҳамда водийлик ёшларнинг бирлашиб, "Нефтчи Корея" футбол жамоасини шакллантиргани ва маҳаллий мусобақаларда муносиб иштирок этаётгани юқори баҳоланди.
Вилоят раҳбари ёшларнинг бу ташаббуси нафақат уларни бир мақсад атрофида жипслаштираётгани, балки Фарғонанинг футбол анъаналари, «Нефтчи» клуби ва Ўзбекистонни Кореяда кенг тарғиб қилишга хизмат қилаётганини қайд этиб, уларга миннатдорлик билдирди.
«Paju Frontier FC»ни келгусида ўз номи ва муваффақиятларига эга бўлган кучли жамоалардан бирига айланиши йўлида омад тилади.
«Paju Frontier FC» бош менежери Хван Бо Кван ҳам икки жамоа ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига тўхталиб, ўзаро тажриба алмашиш, футболчиларнинг маҳоратини ошириш ва ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги алоқалар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Учрашув якунида Фарғонанинг «Нефтчи» ва Кореянинг «Paju Frontier FC» футбол клублари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.









