Фарғона вилояти делегациси Пажу миллий футбол маркази фаолияти билан танишди
2026-09-12 14:15:00 / Янгиликлар

Мазкур марказ Корея Республикасида футболни ривожлантириш, миллий терма жамоалар ва истиқболли футболчиларни профессионал тайёрлашга хизмат қилган йирик спорт инфратузилмаси объектларидан бири ҳисобланади. У узоқ йиллар давомида мамлакат миллий терма жамоаларининг асосий машғулот базаларидан бири бўлиб, 2002 йилда Корея Республикаси ва Японияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионати тарихи билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Марказда футболчиларнинг мунтазам машғулот ўтказиши, жисмоний ва техник тайёргарлигини ошириши учун зарур инфратузилма шакллантирилган. Бу ерда яратилган шароитлар Корея футболи ривожи, миллий терма жамоалар тайёргарлигини юқори даражада ташкил этиш ҳамда иқтидорли футболчиларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
2026 йил май ойидан мажмуа «Paju Frontier FC» тасарруфига ўтган бўлиб, бугунги кунда ундан профессионал футбол эҳтиёжлари билан бир қаторда аҳоли ва футбол ихлосмандлари фойдаланиши учун ҳам имкониятлар яратилган.
Вилоят ҳокими дастлаб «Paju Frontier FC» машғулот базасида спортчилар учун яратилган шароитлар, футбол майдонлари ва бошқа инфратузилма объектлари билан танишди.
Клуб бош менежери Хван Бо Кван «Paju Frontier FC» фаолияти, жамоани шакллантириш ва профессионал футбол тизимидаги режалари ҳақида маълумот берди.
«Paju Frontier FC» Кёнгидо провинциясининг Пажу шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи профессионал футбол клуби бўлиб, 2026 йилдан Корея профессионал футболининг K League 2 мусобақасида иштирок этмоқда. Шу тариқа клуб Кёнгидо провинциясининг шимолий қисмида K League тизимига кирган илк жамоага айланди.
Клуб фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Пажу шаҳри томонидан 4,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган.
Жамоа ўз уй учрашувларини Пажу стадионида ўтказади. Кўп тармоқли мазкур спорт мажмуаси 2026 йилги K League 2 мавсумида «Paju Frontier FC»нинг асосий уй майдони сифатида хизмат қилмоқда.
Ташриф давомида Корея Республикасида футбол инфратузилмасини самарали бошқариш, профессионал футбол клублари фаолиятини ташкил этиш, ёш иқтидорларни аниқлаш, саралаш ва уларни профессионал футболга тайёрлаш борасидаги илғор тажрибаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Фарғонанинг «Нефтчи» футбол клуби билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, ёш футболчиларни замонавий методикалар асосида тайёрлаш ҳамда уларнинг маҳоратини оширишга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.









