Фарғона туманида янги поликлиника фойдаланишга топширилди
2026-09-10 09:10:00 / Янгиликлар

Замонавий тиббиёт муассасаси ҳомийлар маблағи ҳисобидан 1,2 миллиард сўм сарфланиб барпо этилди.
Муассасанинг очилиш маросимида туман ҳокимлиги раҳбарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбирда махсус “Дамас” автомашинаси ҳам фойдаланишга топширилди.
Янги поликлиника 5 та маҳаллада истиқомат қилувчи 12 минг нафардан зиёд аҳолига бирламчи тиббий-санитария хизматларини маҳалланинг ўзида кўрсатиш имконини беради.
Шу кунга қадар мазкур ҳудуд аҳолиси малакали тиббий хизмат ва мураккаб текширувлардан ўтиш учун узоқда жойлашган тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишига тўғри келган.
Поликлиникада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратилган. Замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган.
Тиббиёт муассасасида хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг учун компьютер жамланмалари, планшетлар, инфокиоска ва мониторлар ўрнатилди.
Янги поликлиниканинг ишга туширилиши ҳудудда фуқароларнинг сифатли бирламчи тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.





