“ShinWon Corporation” билан тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-09-09 18:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда Фарғона вилоятининг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатидаги салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда ўзаро манфаатли инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
“ShinWon Corporation” Жанубий Кореянинг кийим-кечак ишлаб чиқариш, мода индустрияси ва экспорт соҳасида катта тажрибага эга компанияларидан бири ҳисобланади. Компания эркаклар, аёллар ва болалар учун турли хил кийим-кечак маҳсулотларини ишлаб чиқаради, шунингдек, халқаро буюртмачиларга OEM/ODM асосида ишлаб чиқариш хизматларини кўрсатади. Компания маҳсулотлари дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинади.
Шунингдек, “ShinWon Corporation” Жанубий Корея ички бозорида бир қатор мода брендларини ривожлантириб келмоқда.
Мулоқотда Фарғона вилоятида тўқимачилик саноатининг шаклланган ишлаб чиқариш базаси, малакали меҳнат ресурслари, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Компания билан ҳамкорликда замонавий технологиялар ва халқаро стандартлар асосида тайёр кийим-кечак маҳсулотлари ишлаб чиқариш, маҳаллий корхоналарни халқаро таъминот занжирларига интеграция қилиш ҳамда ташқи бозорларга маҳсулот етказиб бериш йўналишларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят ҳокими Фарғонада хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитларни қайд этиб, “ShinWon Corporation” билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида истиқболли йўналишларни батафсил ўрганиш ва ҳамкорлик бўйича амалий мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.



