Кореялик ишбилармонлар Фарғонага инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда
2026-09-09 18:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда Фарғона вилояти ва Жанубий Корея ишбилармон доиралари ўртасида инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги истиқболли лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Корея компаниялари вакиллари энергетика, саноат, қурилиш, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби қатор йўналишларда Фарғона вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини тақдим этдилар.
Мулоқот давомида вилоятнинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, мавжуд саноат инфратузилмаси, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари имкониятлари, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Жанубий Корея компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб, истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни амалга ошириш жараёнида зарур ташкилий ва амалий кўмак кўрсатилишини қайд этди.
Кореялик ишбилармонлар Фарғона вилоятидаги инвестиция муҳити ва мавжуд имкониятларга юқори қизиқиш билдириб, таклиф этилган йўналишлар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини маълум қилдилар.
Учрашув якунида билдирилган таклифларни батафсил ишлаб чиқиш, аниқ инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ҳамда томонлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни давом эттириш бўйича келишиб олинди.




