Чунгбу университети билан таълим соҳасидаги алоқалар янада фаоллашади
2026-09-09 17:55:00 / Янгиликлар

Мулоқотда Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети ва Чунгбу университети ўртасида йўлга қўйилган қўшма таълим дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди. Мазкур ҳамкорлик ёшларнинг Жанубий Кореяда замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, халқаро тажриба орттириши учун муҳим имконият яратаётгани таъкидланди.
Учрашувда ушбу йўналишдаги алоқаларни янада фаоллаштириш, таълим дастурлари кўламини кенгайтириш ҳамда янги йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.
Чунгбу университети Жанубий Кореянинг тўрт йиллик олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, унинг Гоянг шаҳрида кампуси фаолият юритади. Университетда халқаро бизнес ва бизнес бошқаруви, халқаро савдо, мактабгача ва махсус таълим, меъморчилик ва фуқаролик муҳандислиги, дастурий таъминот муҳандислиги, ўйин дастурлари, ахборот хавфсизлиги, ахборот-коммуникация технологиялари, электр-электроника ва автомобиль муҳандислиги, саноат дизайни каби қатор йўналишларда кадрлар тайёрланади.
Университетда Ўзбекистонлик ёшларни бакалавриат, магистратура ва PhD дастурларида ўқитиш имкониятлари ҳам мавжуд. Қабул жараёнида корейс тили бўйича TOPIK ёки инглиз тили бўйича IELTS сертификатлари инобатга олинади, шунингдек, Ўзбекистонда суҳбатлар ташкил этилади.
Талабаларнинг билим даражаси ва натижаларига қараб турли миқдорда, жумладан, ўқиш харажатларининг 100 фоизигача бўлган грант ва стипендия имкониятлари тақдим этилади.
Учрашув якунида Фарғона вилояти ва Чунгбу университети ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, мавжуд қўшма дастурларни ривожлантириш ҳамда ўзаро манфаатли янги ташаббусларни амалга оширишга келишиб олинди.


