Фарғона вилояти ва Гоянг шаҳри ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
2026-09-09 17:40:00 / Янгиликлар

Учрашувда Фарғона вилояти ва Гоянг шаҳри ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим, туризм ва бошқа истиқболли йўналишларда алоқаларни кенгайтириш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Дастлаб икки ҳудуднинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, инфратузилмаси, таълим, туризм ҳамда бошқа соҳалардаги имкониятларини акс эттирувчи видеороликлар намойиш этилди.
Гоянг шаҳри мэри Мин Гён Со Жунгбу университетида фарғоналик ёшларнинг таҳсил олишни бошлаганини икки ҳудуд ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади. У мазкур ҳамкорликни янада кенгайтириш, таълим билан бир қаторда иқтисодиёт, инвестиция, бизнес, туризм ва бошқа йўналишларда қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Гоянг шаҳри ва Фарғона вилояти ўртасида йўлга қўйилаётган муносабатлар икки ҳудуд учун ҳам янги имкониятлар очишини таъкидлади. Хусусан, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, ўзаро делегациялар ташрифларини ташкил этиш, инвестиция ва савдо йўналишларида аниқ лойиҳаларни шакллантириш, таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича таклифлар билдирди.
Маълумот ўрнида, Гоянг — Жанубий Кореянинг Кёнгидо провинциясида, Сеул шаҳри билан бевосита чегарадош ҳудудда жойлашган йирик шаҳарлардан бири. 268 квадрат километрдан ортиқ ҳудудни эгаллаган шаҳарда 1 миллион 70 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Гоянг замонавий транспорт инфратузилмаси, халқаро кўргазма ва конгресслар индустрияси, медиа ва креатив соҳалар, туризм ҳамда ривожланган ижтимоий инфратузилмаси билан ажралиб туради. Шунингдек, бу ерда Кореянинг энг йирик халқаро кўргазма ва конгресс мажмуаларидан бири — KINTEX жойлашган.
Учрашув якунида билдирилган таклиф ва ташаббусларни амалий босқичга олиб чиқиш мақсадида икки томон вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш, аниқ чора-тадбирларни қамраб олган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда унинг асосида Фарғона вилояти ва Гоянг шаҳри ўртасидаги ҳамкорликни изчил кенгайтириб боришга келишиб олинди.






