Юксалиш маҳалласида замонавий спорт мажмуаси барпо этилди
2026-09-05 13:45:00 / Янгиликлар

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Аюбхон Раҳматуллаев, маҳалла аҳли, кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирок этди.
Дастлаб, меҳмонлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мажмуа ҳудудига дарахт кўчатлари экишди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров йиғилганларни Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги байрами билан самимий муборакбод этди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз тараққиёти учун кенг имкониятлар яратилгани, айниқса, сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юртимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор натижасида ўзбекистонлик спортчилар халқаро майдонларда муносиб натижаларни қўлга киритаётгани қайд этилди.
Маҳалладаги қаровсиз ўйингоҳ ўрнида тадбиркор ва фермерларнинг эзгу ташаббуси ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ушбу замонавий спорт мажмуасининг барпо этилгани эл-юрт манфаати йўлидаги ҳамжиҳатлик ва саховатнинг амалий ифодаси экани алоҳида эътироф этилди.
Вилоят раҳбари ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшган барча тадбиркор ва фермерларга миннатдорлик билдириб, янги мажмуа келгусида кўплаб ёшларни спортга жалб этиши, бу ердан юртимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган чемпионлар етишиб чиқишига ишонч билдирди.
Қиймати 3 миллиард сўмдан зиёд бўлган спорт мажмуасида, хусусан, ёшларнинг кураш билан мунтазам шуғулланиши, маҳоратларини ошириши учун зарур замонавий шароитлар яратилган. Масканнинг қурилишида туман прокурори Рустамжон Тиллаевнинг ҳам хизмати катта бўлди.
Маросимда мажмуа қурилишига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ ҳомийларга Фарғона вилояти ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, иштирокчилар масканда спортчилар ва ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.









