Фарғона тиббиётида Жанубий Кореянинг илғор тажрибалари жорий этилади
2026-09-04 16:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда тиббиёт соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибаларни Фарғона вилоятида жорий этиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Вилоят ҳокими сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, замонавий диагностика ва даволаш усулларини кенг жорий этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда дунёнинг етакчи тиббиёт муассасалари, жумладан, Жанубий Кореянинг нуфузли шифохоналари билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Мулоқот давомида фарғоналик шифокорларни Бунданг шифохонасида малака оширишга юбориш, кореялик етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда Фарғонада маҳорат дарслари ва ўқув курсларини ташкил этиш, замонавий диагностика ва даволаш усуллари бўйича тажриба алмашиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида “йўл харитаси” ишлаб чиққан ҳолда ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.
Сеул Миллий университети Бунданг шифохонаси Жанубий Кореянинг йирик университет тиббиёт марказларидан бири бўлиб, юқори технологияли диагностика ва даволаш, илмий тадқиқотлар ҳамда тиббий ахборот технологияларини ривожлантириш йўналишларида фаолият олиб боради. Шифохонада тиббий жараёнларни бошқаришнинг замонавий рақамли тизимлари кенг жорий этилган бўлиб, йилига қарийб 1,7 миллион беморга тиббий хизмат кўрсатилади.


