Япония компанияси билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди
2026-09-04 15:30:00 / Янгиликлар

Учрашувда Фарғона вилоятида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, япон технологиялари асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги сўнгги йилларда стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётгани, ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётгани қайд этилди.
Ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, япон инвесторлари иштирокидаги лойиҳаларни кўпайтириш ва янги инвестиция ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича фикр алмашилди. Делегациялар ташрифлари бу жараёнда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Фарғона вилоятида Япониянинг илғор тажрибасидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, таълим соҳасида япон ўқитиш методикаси тажриба-синов тариқасида жорий этилгани, олий таълим муассасаларида ҳам замонавий ёндашувлар асосида мутахассислар тайёрланаётгани айтиб ўтилди.
“Mitsui & Co., Ltd” — Токио шаҳрида жойлашган йирик халқаро савдо ва инвестиция компанияси бўлиб, 62 та мамлакатда фаолият юритади. Ўзбекистонда 1993 йилда ўз офисини очган. Компания энергетика, инфратузилма, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, кимё, рақамли технологиялар, логистика ва бошқа йўналишларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширади.
Мулоқотда нефт саноати, сув таъминоти, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, инфратузилма, туризм ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифлари билдирилди.
Кунчиқар юрт компанияси фаолият йўналишларидан келиб чиқиб келгусида ҳамкорликни жадал давом эттириш чора-тадбирлари келишиб олинди.
Учрашувда “Mitsui & Co., Ltd” компаниясининг Қозоғистондаги бош ваколатхонаси бош вакили Тўлқинжон Раҳимов ҳамда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев ҳам иштирок этди.



