Ўрда майдонида мумтоз ва замонавий мусиқа садолари янгради
2026-09-04 10:50:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги байрами шукуҳи кезаётган кунларда Қўқон шаҳридаги Ўрда майдонида "Янги Ўзбекистон - эзгу мақсад, янги ҳаракат!" шиори остида “Моҳир фортепианочи” танлови ғолиблари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди.

Фортепиано ижрочилиги йўналишида юқори натижаларга эришган иқтидорли ёшлар иштирокидаги концерт дастурида мумтоз ва замонавий мусиқа намуналари, таниқли композиторлар асарлари ҳамда турли мусиқий композициялар ижро этилди.
Ёш ижрочилар ўзларининг ижро маҳоратини намойиш этди. Концерт дастури томошабинларга байрамона кайфият улашди.
Юртимиз бўйлаб истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва катта саҳналарга олиб чиқиш мақсадида ташкил этилган “Моҳир фортепианочи” танлови чинакам иқтидор эгаларини кашф этгани билан муҳим ўрин тутмоқда. Ҳудудларда танлов ғолиблари иштирокида ташкил этилаётган дастур ҳам буни яққол кўрсатмоқда.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.









