Ўғил-қизларимиз – бизнинг нурли келажагимиз, олтин фондимиздир
2026-09-02 10:40:00 / Янгиликлар

Бугун вилоятимиздаги барча таълим муассасаларида ҳам «Биринчи қўнғироқ»-Билимлар куни тадбирлари минглаб ўғил-қизлар, ўқитувчилар ва ота-оналарнинг қувончи билан янада шукуҳли ташкил этилди.
Фарғона шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Фарғона филиалида янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров, жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар, устоз ва мураббийлар ҳамда ота-оналар иштирок этди.
Дастлаб вилоят раҳбари Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ҳамда Билимлар куни билан йиғилганларни самимий табриклади.
Мамлакатимиз тараққиётида таълим ва илм-фаннинг ҳал қилувчи аҳамияти, ёш авлодга сифатли таълим бериш, уларни замонавий билим ва касб-ҳунарларга ўргатиш, педагогларнинг жамиятдаги нуфузини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида таълим тизимини ривожлантириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва улар учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ёшлар мамлакатимизнинг “олтин фонди”, Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган буюк куч экани қайд этилди.
Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари Фарғона вилояти мисолида ҳам яққол намоён бўлаётганига эътибор қаратилди.
Хусусан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Фарғона филиалида айни пайтда 432 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Янги ўқув йили учун мактабда ўқиш истагини билдирган 7 минг 900 нафардан зиёд номзод ҳужжат топширди. Саралаш жараёнлари якунига кўра, улар орасидан 72 нафар иқтидорли ўқувчи қабул қилинди. Яъни, бир ўрин учун ўртача 115 нафарга яқин номзод рақобатлашди.
Бу кўрсаткичлар ёшларимизнинг билим олишга интилиши тобора ортиб бораётгани, сифатли таълимга бўлган талаб юксалаётгани ҳамда иқтидорли ўқувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланаётганидан далолат беради.
Тадбирда ушбу таълим даргоҳидан келгусида Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний каби буюк алломалар, замонавий илм-фан намояндалари, ихтирочи ва мутафаккирлар етишиб чиқишига ишонч билдирилди.
Тадбирда нуронийлар ҳам сўзга олиб ўқувчи-ёшлар учун эзгу тилакларини айтиб ўтдилар.
Мактаб жамоасига вилоят ҳокими томонидан китоблар жамланмаси топширилди.
Шундан сўнг янги ўқув йили учун биринчи қўнғироқ жаранг сочди ва дарс машғулотлари бошланди.
Меҳмонлар таълим муассасасида ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Ўқув лабораториялари, замонавий синф хоналари, спорт зали ҳамда ошхонадаги имкониятлар кўздан кечирилди.
Ўқувчилар хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида билим олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қиладиган ўзлари яратган таълим платформаси, шунингдек, робототехника йўналишида эришган натижалари ҳақида маълумот бердилар.
Мазкур таълим масканида янги ўқув йилининг илк дарси — «Келажак соати» машғулотлари билан бошланди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам 10-синф ўқувчилари учун «Келажак соати» дарсини ўтди. Самимий мулоқот руҳида кечган машғулотда ёшлар ҳаётида билим ва маърифат, умуминсоний ва миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Вилоят ҳокими ўқувчиларни юксак мақсадлар сари интилишга, чуқур билим олишга ва Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган ватанпарвар ёшлар бўлиб камол топишга чақириб, уларга ўқиш ва келгуси фаолиятида омад ҳамда муваффақиятлар тилади.
Тадбир якунида вилоят ҳокими таълим муассасасининг “Фахрий меҳмонлар дафтари”га эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.









