Водий гавҳари Фарғонада байрам шукуҳи: тараққиёт ва янги марралар тантанаси
2026-08-31 01:15:00 / Янгиликлар

Унда вилоят фаоллари, шаҳар ва туманлардан кенг жамоатчилик вакиллари – нуронийлар, меҳнат илғорлари, тадбиркорлар ва ёшлар, шунингдек, Тожикистоннинг Сўғд ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилоятидан келган меҳмонлар иштирок этди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, Фарғона аҳлини мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этди.
Тантаналарнинг Бурҳониддин Марғиноний номи билан аталувчи илмий-маърифий ва туризм мажмуасида ўтказилаётгани алоҳида рамзий маънога эга экани таъкидланди. Зеро, буюк аллома мероси адолат, илм, қонун ва маърифат каби юксак қадриятларни мужассам этган. Ушбу масканда Мустақиллик байрамини нишонлаш тарих ва бугунги тараққиёт, миллий мерос ва Янги Ўзбекистон ғоялари уйғунлигини намоён этади.
Вилоят раҳбари, айниқса, сўнгги ўн йилда Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар Фарғона ҳаётида ҳам кенг кўламли ўзгаришларга замин яратаётганини қайд этди.
Хусусан, сўнгги тўққиз йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 1,6 баробар ўсиб, 111 триллион сўмдан ошди. Шу даврда 8,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, қарийб 7 минг 900 та лойиҳа амалга оширилди ва 196 мингта янги иш ўрни яратилди. Кичик бизнес субъектлари сони 18,8 мингтадан 50,7 мингтага, экспорт ҳажми эса 395 миллион доллардан 1,3 миллиард долларга етди. Бугун Фарғона тадбиркорлари маҳсулотлари дунёнинг 65 та бозорларига кириб бормоқда.
Қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологияларни жорий этиш, сув тежовчи усуллардан фойдаланиш ва маҳсулотни чуқур қайта ишлашга эътибор кучайтирилмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда фермер, деҳқон ва кластерларнинг ўрни катта бўлмоқда. Пахта далаларида 70-80 центнердан ҳосил етиштирлаётгани эса қувонарли.
Вилоятнинг туризм салоҳиятини ривожлантириш борасида ҳам салмоқли натижалар қайд этилди. 2016 йилда Фарғонага 246 минг нафар сайёҳ келган бўлса, 2025 йилда уларнинг сони 3,8 миллион нафарга етди. Туризм экспорти 185 миллион долларни ташкил этди.
Эътиборлиси, янги иш ўринлари, аҳоли даромадларининг ортиши, тадбиркорлик имкониятларининг кенгайиши ва оилалар фаровонлигининг юксалиши ислоҳотларнинг бош мақсади бўлиб, инсон қадри учун хизмат қилмоқда.
Президентимиз Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда мамлакатимиз тараққиётининг келгуси босқичини белгилаб берганлиги, келгуси ўн йиллик Ўзбекистон учун миллий юксалиш даври бўлиши таъкидланди.
Шу мақсадда инсон қадри ва халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган еттита миллий дастур асосида вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилиши қайд этилди.
Вилоят раҳбари Фарғона футболидаги ютуқлар ва истиқболли режалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Президентимиз раҳбарлигида футболни ривожлантириш, соғлом рақобат ва шаффоф тизимни қарор топтириш, футбол мактаблари ҳамда академиялар фаолиятини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани тилга олинди.
Жумладан, “Нефтчи” клубининг ўтган мавсумда мамлакат чемпиони ва Суперкубок соҳиби бўлгани, жорий мавсумда ҳам пешқадамлар сафида бораётгани таъкидланди. Жамоанинг Осиё чемпионлар лигаси элита босқичида иштирок этиши Фарғона футболи учун муҳим воқеа экани қайд этилиб, вилоятни мамлакатнинг футбол пойтахтига айлантириш мақсади сари ишлар давом эттирилиши айтилди.
Шу билан бирга фарғоналиклар олдида янада катта ва баланд марралар турганлиги, вилоят ҳар томонлама энг тараққий этган ҳудудга айланиши учун барча чора-тадбирлар белгилаб олингани қайд этилди.
Тадбир давомида театрлаштирилган байрам дастури намойиш этилди.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов, Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Самара Каримова, Жалолиддин Аҳмадалиев, Баҳодир Мамажонов, Қиличбек Мадалиев, Зоҳиршоҳ Жўраев, Абдужалил Қўқонов, Ғайбулла Турсунов ва бошқа санъаткорлар, ёш истеъдодлар ижросидаги Ватанни, севги-муҳаббатни тараннум этган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.
Тантанали маросим осмон узра порлаган ёрқин мушакбозлик билан якунланди.









