Фарғонада аккумуляторлар ишлаб чиқариш бошланди
2026-08-28 16:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ҳудудда “JIUHUI ENERGY RABEE” МЧЖнинг аккумуляторлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, туман раҳбарлари, инвестор ва тадбиркорлар, жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Вилоят ҳокими йиғилганларни энг улуғ, энг азиз байрам билан қутлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг инсон қадрини юксалтиришга қаратилган мазмун-моҳияти хусусида тўхталди.
2015 йилда Фарғона вилоятига атиги 22 миллион доллар инвестиция киритилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида 2,7 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилди. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 4 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган. Бу рақамлар ўз навбатида ислоҳотларнинг яққол амалий ифодаси бўлмоқда.
Янги корхона лойиҳаси доирасида ҳам 5,8 миллион доллар инвестиция киритилиб, 70 тадан ортиқ иш ўрни яратилди.
Тадбирда инвестор Фу Вен Юн ҳам сўз олиб яратилган қулай шароитлар ва кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
Корхонанинг биринчи босқичи ишга туширилиб, иккинчи босқичини амалга ошириш ишлари ҳам бошлаб юборилгани қайд этилди.
Туман фаоллари ҳам ўзгаришлардан, бунёдкорлик ишларидан мамнун эканликларини таъкидладилар.
Рамзий тасма қирқилиб, янги ишлаб чиқариш фаолиятига старт берилди.
Вилоят ҳокими корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиб, иш бошлаган ходимлар билан суҳбатлашди, улар учун яратилган меҳнат шароитлари билан қизиқди.
Корхона фаолияти муваффақиятли бўлишига тилак билдирди.









