Фарғонада бир гуруҳ фидойи юртдошларимизга эсдалик нишонлари топширилди
2026-08-28 13:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, йиғилганларни энг улуғ ва энг азиз байрам — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклади.
Таъкидланганидек, истиқлол — халқимиз асрлар давомида орзу қилган, не-не аждодларимиз унга етишишни армон қилган буюк неъматдир. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Айниқса, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳудудларни обод ва тараққий эттиришга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
Мазкур юксак эътироф юртдошларимизнинг ўз касби ва Ватанга садоқати, кўп йиллик фидокорона меҳнати, юртимиз тараққиёти ва жамиятимиз равнақига қўшаётган муносиб ҳиссасига берилган юксак баҳо экани қайд этилди.
Маросимда бир гуруҳ меҳнат фахрийлари, фаоллар, вилоят ҳокими ўринбосарлари, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари, турли соҳа вакилларига “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Тақдирланганлар номидан сўзга чиққанлар бундай эътибор ва рағбат учун Президентимизга миннатдорчилик билдириб, мамлакатимиз тараққиёти, аҳоли фаровонлиги йўлида бор куч ва салоҳиятини сафарбар этишини таъкидлади.









