Давлат мукофотлари ўз эгаларига топширилди
2026-08-26 19:45:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимлигида ана шу юксак давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, давлат мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимиз, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклади.
-Мустақиллигимиз - халқимиз учун энг улуғ ва энг буюк қадрият. Бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, эришаётган улкан натижаларимиз, аввало, тинчлик ва осойишталик, халқимизнинг бирдамлиги ва фидокорона меҳнати самарасидир, - деди вилоят ҳокими.
Вилоят ҳокими Президентимиз томонидан Фарғона вилоятининг кейинги йиллардаги ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, яратилган имкониятлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берилаётганини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда давлат мукофоти инсон меҳнатининг энг юксак эътирофларидан бири экани таъкидланди. Бу йил ҳам мустақиллик байрами арафасида мамлакатимизнинг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз давлат мукофотларига муносиб кўрилди.
Фарғоналик 22 нафар мукофот соҳиблари орасида турли соҳаларда кўп йиллик самарали меҳнати, фидойилиги, юрт равнақига қўшаётган муносиб ҳиссаси билан ибрат бўлиб келаётган мутахассислар бор.
Вилоят ҳокими мукофот соҳибларини самимий қутлаб, мазкур юксак эътироф уларнинг фаолиятига янада катта масъулият ва куч-ғайрат бағишлашини таъкидлади.
Шундан сўнг давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Маросимда сўз олган мукофот соҳиблари юксак эътироф учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва Фарғона вилояти равнақи йўлида бундан буён ҳам сидқидилдан меҳнат қилишларини таъкидладилар.









