Ҳамкорлик кўлами янада кенгаймоқда
2026-08-25 20:40:00 / Янгиликлар

Учрашувда Фарғона вилояти ва Хитой ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
“Huahe International Business Consulting Organization” халқаро бизнес-консалтинг соҳасида фаолият юритувчи профессионал ташкилот бўлиб, Хитой ва хорижий давлатлар ўртасида савдо, инвестиция ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади. Компания бизнес тузилмалари, давлат идоралари ва инвестиция лойиҳалари учун стратегик консалтинг хизматларини кўрсатади.
Мулоқотда Лю Чуаньу компаниянинг асосий вазифаси Хитой компанияларининг хорижий бозорларга чиқишига кўмаклашиш, уларнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда хорижий ишбилармон доиралар билан самарали алоқалар ўрнатишига кўмак беришдан иборат эканини таъкидлади.
Шунингдек, Фарғона вилояти билан Хитой ишбилармон доиралари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида амалий ишлар олиб борилаётгани, бизнес вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотларни йўлга қўйиш ва янги ҳамкорлик лойиҳаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Учрашувда 2–4 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Хитой товарлари кўргазмаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Унда қишлоқ хўжалиги, энергетика, тўқимачилик, енгил саноат, қурилиш ва қурилиш материаллари каби йўналишларда фаолият юритувчи 200 га яқин Хитой компанияси иштирок этиши кутилмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти тадбиркорлари мазкур кўргазмада фаол иштирок этишини маълум қилиб, тадбир доирасида Хитой компаниялари билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўрнатиш, янги савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини шакллантириш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида Хитой компанияларининг Фарғона вилоятидаги фаоллигини ошириш, маҳаллий тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли бизнес алоқаларини кенгайтириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.


