Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмади
2026-08-25 11:25:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигида ўтказилган қабулда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, мутасадди идоралар ҳамда тегишли соҳалар масъуллари иштирок этди. Бу эса мурожаатларни фақат эшитиш эмас, балки ҳар бир масала бўйича масъулни аниқ белгилаб, унинг ечимини излаш имконини берди.
Фуқаролар томонидан уй-жой, ер ва кадастр, бандлик, кредит олиш, меҳнат ва иш ҳақи, даволаниш, моддий ёрдам ва нафақа, суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Сайёр қабул давомида 32 нафар фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганилиб, улар юзасидан масъул ташкилотлар ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди. Жойида ҳал этиш имкони бўлган масалалар ижобий ҳал қилинди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этадиган мурожаатлар эса назоратга олиниб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
Қабулда вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Аюбхон Раҳматуллаев, вилоят суди раиси Бобохон Ваҳобов ҳам иштирок этди.






