Сўх тумани энг ривожланган ҳудудга айланади
2026-08-24 20:05:00 / Янгиликлар

Йиғилишда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари ҳамда мутасаддилар иштирок этди.
Дастлаб Сўх туманини оғир тоифадан чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда ҳудудни янги ёндашувлар асосида тараққий эттириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Айни пайтда ушбу йўналишларда 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 25 та объектда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 июлдаги «Сўх туманини 2026–2028 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд захира ва имкониятларни ишга солиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси атрофлича кўриб чиқилди.
Мутасаддиларга қарорда белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, янги инвестиция лойиҳаларини жалб этиш, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда туманнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.






