Ёзёвонда электробуслар ишлаб чиқариш лойиҳаси қурилиши бошланди
2026-08-24 14:50:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан ўтган тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, тадбиркорлар ва инвесторлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда нуронийлар иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими сўз олиб йиғилганларни энг улуғ, энг азиз байрам —мустақиллигимизнинг 35 йиллиги билан табриклади. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча йўналишларда ўзининг амалий самараларини бераётганлиги таъкидлади. Хусусан, Ёзёвонда ҳам сўнгги йилларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлар олиб борилаётганлиги қайд этилди.
Шунингдек, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, замонавий ва экологик тоза транспорт воситаларини ишлаб чиқариш бугунги кун талабларидан бири экани билдирилди. Ёзёвонда бошланаётган лойиҳа ана шу ишларнинг ифодаси эканлмги, дастлаб электробуслар, келгусида эса электр юк машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши таъкидланди.
Мазкур лойиҳа Фарғона вилоятининг саноат салоҳиятини янада оширишга ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар нафақат маҳаллий бозорга, балки хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинади.
Лойиҳа Ёзёвон туманидаги “Ижодкор” маҳалласи ҳудудида жойлашган махсус саноат зонасининг 10 гектар майдонида амалга оширилмоқда. Умумий қиймати 170 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида йилига 700 та электробус ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Корхонани 2027 йил декабрь ойида ишга тушириш белгиланган.
Тадбирда II даражали "Соғлом авлод учун" ордени соҳибаси, шоира Ўктамхон Солиева ҳам сўзга чиқиб, туман фаоллари ва нуронийлар номидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Тадбирда юртимиз тинчлиги, ишлар баракаси ва лойиҳанинг муваффақиятли амалга ошишини тилаб дуолар қилинди.
Якунда корхонага тамал тоши қўйилиб, қурилиш ишларига старт берилди.









