Бешариқда йирик ун ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади
2026-08-22 14:05:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан ўтган тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозаров, кенг жамоатчилик вакиллари, инвестор ва тадбиркорлар ҳамда нуронийлар иштирок этди.
Дастлаб юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва эзгу ишлар ривожини тилаб дуолар қилинди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирокчиларни энг азиз, энг улуғ айём- мустақиллигимизнинг 35 йиллиги билан самимий табриклади.
Бугунги мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсиб бораётганлиги, Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бераётганини қайд этди.
Хусусан, тадбиркорлик ва инвестиция учун қулай муҳит яратиш, ишбилармонлик фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилаётгани, "Инсон қадри учун" деган эзгу ғоя асосидаги ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатлари ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилгани таъкидланди.
Президентимизнинг куни кеча тадбиркорлар билан ўтган мулоқотида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни муносиб иш билан таъминлаш ва саноатни иқтисодиёт тараққиётининг асосий локомотивига айлантириш муҳимлиги қайд этилди. Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган янги тизим яратилгани тадбиркорлар учун кенг имкониятлар очаётгани билдирилди.
Бешариқда амалга оширилган мазкур лойиҳа инвестор ташаббусининг амалий ифодаси сифатида юқори баҳоланди.Бундай саноат лойиҳаларининг кўпайиши иқтисодий ўсиш ва аҳоли даромадларини оширишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этиб ўтилди.
Қиймати 21 млн доллар бўлган лойиҳа доирасида 100 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Корхона тўлиқ қувват билан ишлаши натижасида йилига 120 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 5 миллион АҚШ доллари миқдорида экспортни амалга ошириш режалаштирилган. Бу ерда бир суткада 250 тонна буғдойни қайта ишлаш қуввати мавжуд.
Тадбирда россиялик инвестор, «DRUJBA UN KOMBINATI» МЧЖ ХК таъсисчиси Баҳодиржон Аслонбеков сўзга чиқиб, мамлакатимизда хорижий инвесторлар ва тадбиркорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, лойиҳанинг амалга оширилиши ва корхонанинг келгусидаги режалари ҳақида маълумот берди. Хусусан, инвестор томонидан қандолатчилик, ун ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Нуронийлар ҳам сўз олиб юртимиздаги тинчлик-осойишталик, бунёдкорлик ва янгиланишлар, тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирдилар.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, корхона фаолиятига расман старт берилди.
Тадбир иштирокчилари корхонадаги замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, ўрнатилган технологик ускуналар ҳамда ишчилар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.
Эътиборлиси, корхонада ишлаб чиқарилган дастлабки маҳсулотлар темир йўл орқали Тожикистон ва Афғонистонга экспорт қилинди.









