Оддий хонадондан бошланган иш катта бизнесга айланди
2026-08-20 19:25:00 / Янгиликлар

Айни пайтда ҳудудда 10 та лойиҳа жойлаштирилган бўлиб, уларнинг 5 таси ишга туширилган.
"MELIBOY OTA ZIYOSI" МЧЖга қарашли корхона ҳам ана шу лойиҳалардан бири. Бу ерда дўхоба-бахмалдан кўрпа ва ёстиқ жилдлари ишлаб чиқарилмоқда.
Қиймати 20 млрд сўм бўлган лойиҳа доирасида корхона учун зарур замонавий технологик ускуналар Германиядан олиб келинган.
Тадбиркор Жасур Мелибоев ишлаб чиқариш фаолияти ҳақида маълумот берди. У ўз ишини дастлаб хонадонида бошлаганини таъкидлади. Бугунга келиб, ишлаб чиқариш кўлами кенгайиб, 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган.
Маҳалладаги 20 та хонадонда касаначилик фаолияти йўлга қўйилган.
Вилоят ҳокими маҳалладаги тадбиркор хонадонида ташкил этилган иш жараёнлари билан ҳам танишди.
Келгусида ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда Афғонистон бозорига чиқиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Хайрулло Бозоров тадбиркорнинг янги иш ўринлари яратиш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади. Янги лойиҳаларни амалга оширишда тадбиркорлик субъектини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
Ўрганиш давомида Фурқат туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъуллар ахборот бериб ўтдилар.









