Фарғона вилояти ва “Росатом” ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгиланди
2026-08-19 22:30:00 / Янгиликлар

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Алексей Дремучев “Росатом”нинг атом энергетикаси, машинасозлик, ядровий тиббиёт, энергетика, рақамли технологиялар ва янги замонавий материаллар ишлаб чиқариш каби кўплаб йўналишлардаги фаолияти ҳақида маълумот берди.
Мулоқотда Ўзбекистон, хусусан, Фарғона вилоятида қулай инвестициявий муҳит ва кенг саноат салоҳияти мавжудлиги қайд этилди.
Тиббиёт бўйича пилот лойиҳани бошлаш, шунингдек ёқилғи-энергетика, энергия сақлаш, композит материаллар, кадрлар тайёрлаш ҳамда транспорт-логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва аниқ режа асосида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.



