Ёшларни илм олиши ва касб-ҳунар эгаллашларига катта эътибор қаратилмоқда
2026-08-17 19:05:00 / Янгиликлар

Хусусан, фаол ва изланувчан Абдулборий Баннопжонов томонидан йўлга қўйилган “Юксалиш” ўқув маркази фаолияти кўздан кечирилди.
300 миллион сўмлик лойиҳа доирасида 8 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, марказда 300 нафаргача ёшлар ўқитилмоқда ва улар орасида 20 нафари кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳам бор.
Марказда хорижий тиллар, сунъий интеллект, мебелчилик ва сартарошлик каби замонавий билим ва касб-ҳунарлар ўргатилмоқда. Ёшлар учун спорт тўгараклари ҳам ташкил этилган. Ўқувчилар вилоят раҳбарига ўзлари тайёрлаган лойиҳаларни тақдим этдилар.
Вилоят ҳокими ёшларнинг илмга қизиқишини ошириш, уларни замонавий билим ва касбларга йўналтириш билан бирга, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, вилоят ҳокими маҳалладаги “GENIUS LAND” нодавлат таълим муассасаси фаолияти билан ҳам танишди. Айни пайтда мактабда 300 нафар 1–11-синф ўқувчилари таҳсил олмоқда. Муассасада спорт йўналишида, хусусан, камондан ўқ отиш бўйича республика чемпионлари тарбияланаётгани қайд этилди. Бу ерда хорижий тиллар, роботатехника ва IT йўналишлари ўқитилиб келинмоқда.
Янги 300 ўринли бино қурилиши якунлангач, ўқувчилар қамрови ва янги иш ўринлари сонини ошириш имконияти яратилади.
Вилоят ҳокими нодавлат таълим муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соғлом рақобат муҳитини кучайтириш ва таълим сифатини янада ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.









