Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишда тизимли чоралар кучайтирилади
2026-08-15 19:15:00 / Янгиликлар

Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров олиб борди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги масъуллари, Республика ишчи гуруҳи таркибига киритилган вазирлик ва идоралар вакиллари, вилоятдаги тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, шаҳар ва туман комиссиялари аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда мамлакатимизда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегиянинг устувор мақсадларига эришиш, гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлиги ҳамда миллат генофондини самарали ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди. Ушбу йўналишлардаги жиноятларнинг турлари кун сайин замонавий кўринишга кириб, айниқса, интернет савдолари орқали хавфли тус олаётгани, бунга қарши биргаликда, ҳамкорликда курашиш билан ижобий натижага эришиш мумкинлиги айтилди.
Президент Фармони доирасида 2025–2026 йилларга мўлжалланган "Миллий дастур" асосида республикада, хусусан, Фарғона вилоятида ҳам кенг кўламли профилактик ва амалий чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги раҳбари Фарҳод Ҳасанов Республика ишчи гуруҳининг вилоятда олиб борган ўрганишлари натижалари ҳақида батафсил ахборот берди.
Ўрганишлар давомида аниқланган хато ва камчиликлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, масъулларнинг жавобгарлигини ошириш юзасидан зарур чоралар белгиланди. Йўл қўйилган камчиликлар учун масъулларга нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилиши маълум қилинди.
Шу билан бирга, соҳадаги ишларни намунали ташкил этган вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходими, Данғара ва Ўзбекистон туманлари ҳокимларининг ўринбосарлари ташаккурнома билан тақдирланди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш самарадорлигини янада ошириш, профилактик ишларни кучайтириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.






