Фарғона ва Афғонистон ўртасида иқтисодий алоқалар кенгаймоқда
2026-08-15 18:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 26–27 июль кунлари вилоят ҳокими бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг Афғонистонга ташрифи доирасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор расмий учрашув ва бизнес мулоқотлар ўтказилган эди. Ташриф давомида турли йўналишларда муҳим келишувларга эришилиб, Қобул ва Мозори Шариф шаҳарларида Фарғона вилояти савдо уйлари фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунги учрашув ҳам ушбу келишувларнинг давоми бўлиб, унда ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш, янги қўшма инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.
Афғонистонлик тадбиркорлар қурилиш, текстиль, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, авиация соҳаларида Фарғона вилояти билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Мазкур йўналишларда маҳаллий тадбиркорлар билан биргаликда амалга ошириш режалаштирилаётган янги лойиҳа ва ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаб, вилоят делегациясининг ташрифи янги ташаббусларга кенг йўл очаётганини билдирди. Афғонистонлик ишбилармонлар билан янги лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ҳар бир йўналишда амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.
Учрашув якунида қўшма инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш, мавжуд келишувларнинг ижросини таъминлаш ҳамда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишиб олинди.


