Электр, газ таъминоти билан боғлиқ ишлар “туманбай” ва “маҳаллабай” ташкил этилмоқда
2026-08-15 13:15:00 / Янгиликлар

Йиғилишда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, шаҳар-туман ҳокимлари, тегишли ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари иштирок этди.
Унда “Янгийўл тажрибаси” асосида вилоятимизда истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш, тармоқлардаги йўқотишлар ва дебиторлик қарздорликни кескин камайтириш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Мазкур тажриба асосида вилоятимиздан Фарғона тумани танлаб олиниб, намунавий тизим яратиш ишлари олиб борилмоқда. Шу мақсадда ишлар “маҳаллабай” ташкил этилиб, энергетика соҳасидаги муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва манзилли чоралар кўриш йўлга қўйилди.
“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбари Азизбек Сайдалиев мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.
Тумандаги 71 та маҳалла бўйича энергетик паспорт ва энергия ресурсларига талаб баланси шакллантирилди. Йиғилишда Дилкушо МФЙ ҳудудидаги “Ямбароқ” узатмасидан таъминланувчи трансформаторда бажарилган ишлар мисолида маҳаллаларда электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш, тармоқлардаги йўқотишларни олдини олиш, мавжуд муаммоли нуқталарни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида мавжуд трансформатор пунктлари (ТП) ва газ тақсимлаш пунктларининг (ГРП) ҳолатини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таъмирлаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Вилоят раҳбари энергетика соҳасида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, Фарғона туманида бошланган ишларни бошқа шаҳар ва туманларда ҳам “маҳаллабай” ташкил этиш, энергетик паспортлар ва энергия истеъмоли балансини шакллантириш, тармоқларнинг ҳолатини манзилли ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни босқичма-босқич ҳал қилиш кераклигини алоҳида таъкидлади. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини сифатли ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.



