Фарғона туманида қуритилган ўрикни қайта ишлаш ва экспорт салоҳияти оширилади
2026-08-13 19:35:00 / Янгиликлар

Эндиликда ушбу маҳсулотларни замонавий ёндашувлар асосида қайта ишлаш, уларга қўшимча қиймат қўшиш ва экспортбоп брендга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Чимён қишлоғида қуритилган ўрикни қайта ишлашга ихтисослашган “Фарғона агро стар” агромажмуаси барпо этилмоқда. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бу ерда бўлиб, қурилиш жараёнини кўздан кечирди.
Қиймати 50 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида йилига 10 минг тонна ўрикни қайта ишлаш йўлга қўйилади ҳамда 200 дан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади ҳудудда етиштирилаётган ўрик ва қуритилган ўрик маҳсулотларини замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратиш, тайёр маҳсулот турларини кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишдан иборат.
Агромажмуани жорий йил октябрь ойида ишга тушириш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш, лойиҳани белгиланган муддатларда якунлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.




