Шоҳимардонда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда
2026-08-13 19:20:00 / Янгиликлар

Дастлаб Ҳазрат Али зиёратгоҳини таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари иштирокидаги ўтказилган йиғилишда ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, инфратузилмани ривожлантириш ва туристлар учун қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Бошланган ишлар бўйича ҳисоботлар эшитилди.
Замонавий пиёдалар йўлаклар ташкил этиш, кўча ёритиш тизимини яхшилаш, канализация, дам олиш масканларини барпо этиш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш вазифалари белгиланди. Имконияти чекланган фуқаролар учун қулай муҳит яратиш, автотураргоҳлар ташкил этиш ва транспорт йўналишларини ривожлантириш чоралари ҳам кўриб чиқилди.
Оилавий меҳмон уйлари тармоғини кенгайтириш, замонавий савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, жумладан, ресторанлар, кўнгилочар масканлар, маданият ва санъат муассасалари фаолиятини йўлга қўйишга эътибор қаратилди. Туристик маршрутлар ишлаб чиқиш, кемпинг ва Wi-Fi ҳудудларини ташкил этиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ҳамда янги туризм хизматларини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Шоҳимардоннинг туристик салоҳиятини республика ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, хатлов ишларини белгиланган муддатда якунлаш ва бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш, истиқболли лойиҳаларни тезлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.






