Шоҳимардонда ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
2026-08-13 18:05:00 / Янгиликлар

Самимий руҳда ўтган учрашувда чекка ва олис ҳудуддаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббус ва ғояларини рўёбга чиқариш, бандлигини таъминлаш ҳамда замонавий касбларга ўқитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот аввалида вилоят ҳокими бугунги кунда Фарғона туманини Шарқий туристик курорт дарвозасига айлантириш, хусусан, Шоҳимардон қишлоғида халқаро туризм марказини ташкил қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланаётганини таъкидлади.
Шоҳимардоннинг бетакрор табиати ва туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали ҳудудни Ўзбекистоннинг энг жозибадор сайёҳлик масканларидан бирига айлантириш кўзда тутилган. Бу жараёнда, аввало, ёшлар учун янги иш ўринлари ва юқори даромадли фаолият турларини яратиш муҳим вазифа экани қайд этилди.
Учрашувда Шоҳимардон ва Ёрдон маҳаллалари ёшлари ўзларининг муаммо ва таклифлари юзасидан вилоят раҳбарига мурожаат қилдилар.
Жумладан, оилавий меҳмон уйлари ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, бандлик, мини-футбол майдони қуриш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, IT ва сунъий интеллектни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш каби таклифлар билдирилди.
Учрашувда шоҳимардонлик ёшлар орасида хорижий тиллар ва турли йўналишлар бўйича сертификатлар олаётган, олий таълим муассасаларида таҳсил олиш истагидаги ёшлар сони ортиб бораётгани маълум қилинди.
Вилоят ҳокими билдирилган ҳар бир таклиф ва мурожаатни кўриб чиқиб, масъулларга уларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Мулоқотда Водилдаги чегара назорат-ўтказиш пунктига халқаро мақом берилгани ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ошириш учун катта имкониятлар яратаётгани, хорижлик сайёҳлар оқимининг кўпайиши ҳам таъкидланди.
Шу муносабат билан сайёҳларга замонавий сервис хизматларини кўрсатиш, ёшларни меҳмонхона ва сервис соҳасига тайёрлаш, хорижий тилларни пухта ўргатиш мақсадида Шоҳимардонда махсус ўқув маркази ташкил этиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.









