Фарғона туманида туризм ва юқори даромадли тармоқлар жадал ривожлантирилади
2026-08-12 22:20:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар, шунингдек, бир ой аввалги ўрганишлар давомида берилган топшириқлар ижроси муҳокама қилинди.Унда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва янги даромад манбаларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Туманда қишлоқ хўжалигининг юқори даромадли йўналишларини кенгайтириш, малиначилик, интенсив боғдорчилик, иссиқхона, чорвачилик ва қўзиқоринчиликни ривожлантириш, маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва агрологистика лойиҳаларини амалга ошириш вазифалари белгиланди. Хитой тажрибаси асосида кооперацияларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда туризм туманнинг асосий драйверларидан бирига айлантирилиши таъкидланди. Чимён, Шоҳимардон, Ёрдон, Аввал ва Водил ҳудудларининг табиий салоҳиятидан самарали фойдаланиб, дам олиш масканлари, меҳмон уйлари, хизмат кўрсатиш объектлари ва агротуризм кластерини ташкил этиш, янги туристик брендларни шакллантириш вазифаси қўйилди.
Фарғона тумани Ўзбекистоннинг Шарқий туристик курорт дарвозасига айланиши кераклиги қайд этилди.
Шунингдек, қурилиш, таълим муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, спорт иншоотлари фаолиятини ривожлантириш, маҳалла тизими ходимлари учун муносиб шароитлар яратиш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида масъулларга белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш юзасидан зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.






