Мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш имкониятлари кенгаймоқда
2026-08-12 16:05:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тумандаги ўрганишлари давомида мазкур лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.
Ташаббускор тадбиркор Жўрабек Олимов вилоят раҳбарига лойиҳа имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Лойиҳа доирасида малина ва олча маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ҳамда шок усулида музлатиш йўлга қўйилган. Умумий қиймати 5 миллиард сўм бўлган лойиҳа натижасида 30 та янги иш ўрни яратилган.
Замонавий музлаткич омборининг сиғими 600 тоннани ташкил этади. Бу эса мавсум даврида етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини узоқ муддат сақлаш, уларнинг сифатини йўқотмасдан ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш имконини беради.
Вилоят раҳбари лойиҳани янада такомиллаштириш ва кенгайтириш юзасидан тавсия ва кўрсатмалар берди.




