Аҳоли бандлигини таъминлаш — устувор вазифа
2026-08-12 15:00:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона туманидаги ўрганишлари давомида ушбу маҳаллада бўлиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.
Маҳаллада тадбиркор Ранжида Абдувалиева ташаббуси билан икки қаватли тадбиркорлик маркази ташкил этилган. Марказда тикувчилик ва пазандачилик йўналишлари, шунингдек, хорижий тилларни ўргатиш йўлга қўйилди. Йигирмадан зиёд янги иш ўрни яратилган.
Бинода нуронийлар учун ҳам алоҳида хона ташкил этилган. Келгусида бу ерда аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида шахмат ва шашка тўгаракларини йўлга қўйиш, нуронийлар учун соғломлаштириш марказини ташкил этиш режалаштирилган.
Шунингдек, мулоқот давомида нуронийлар таклифи асосида маҳаллада аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қиладиган кутубхона ташкил этиш белгиланди.
Вилоят ҳокими тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва марказ имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди.






