Бағдодда ҳар бир маҳалланинг имконият ва салоҳиятини тўлиқ ишга солиш вазифаси қўйилди
2026-08-11 19:30:00 / Янгиликлар

Йиғилишда туманда сўнгги даврда амалий ҳаракатлар кучайгани, аҳолининг ташаббускорлиги ва фаоллиги натижасида қатор соҳаларда ижобий кўрсаткичларга эришилаётгани қайд этилди. Айни пайтда, йиллар давомида етарлича эътибор берилмаган масалаларни ҳал этиш, бошланган лойиҳаларни изчил давом эттириш ва натижадорликни янада ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Ўрганишлар давомида амалга оширилган ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Маҳаллалар кесимида камбағалликни камайтириш ва фуқароларнинг даромадларини кўпайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди. Ҳар бир ҳудуднинг мавжуд имкониятларини атрофлича таҳлил қилиш, унинг асосий иқтисодий драйверини белгилаш, ташаббускор фуқаролар ва етакчи тадбиркорлар атрофида кооперацияни йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгиланди.
Бунда, хусусан, хонадонларда меҳнат қилаётган аҳоли, айниқса, хотин-қизларни даромад келтирадиган фаолиятга кенг жалб этиш, оилавий бизнес ва кооперацияни ривожлантириш орқали оилавий тушумларни ошириш муҳим йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, маҳаллаларда фойдаланилмаётган бино ва иншоотларни хатловдан ўтказиш, улар негизида янги ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлашни кенгайтириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш юзасидан мутасаддиларга вазифалар топширилди.
Бағдоднинг чорвачилик соҳасидаги салоҳиятидан унумли фойдаланиш, фермер хўжаликларини муайян йўналишларга ихтисослаштириш, наслдор молларни олиб келишни жадаллаштириш, гўшт ва сутни қайта ишлаш, қадоқлаш ва тайёр маҳсулот сифатида реализация қилишни қамраб олган яхлит ишлаб чиқариш занжирини яратиш зарурлиги қайд этилди.
Аграр тармоқда ҳам маҳсулдорликни ошириш, эскирган ва самарасиз боғларни босқичма-босқич янгилаш, экспортбоп навлар асосида интенсив боғлар барпо этиш, замонавий суғориш усулларини жорий қилиш орқали юқори даромадли тармоқларни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилишда ободонлаштириш ишларини янада жадаллаштириш, хонадонлар ва кўчалар қиёфасини яхшилаш, аҳоли пунктларини тоза, обод ва кўркам масканларга айлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, жиноятчилик, хусусан, такрорий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласи танқидий муҳокама қилинди. Ҳар бир жиноят ҳолатини чуқур таҳлил этиш, қонунбузарлик содир этган шахсларни жамиятга қайта мослаштириш, уларни доимий меҳнат билан таъминлаш ва профилактик тадбирларни маҳаллабай тизим асосида ташкил қилиш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Бу йўналишда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янада кучайтириш, ҳар бир хонадон ва оила билан манзилли мулоқот олиб бориш, мавжуд муаммоларни эрта босқичда аниқлаш ҳамда уларни ҳамкорликда бартараф этиш муҳимлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокими масъулларнинг асосий вазифаси ҳар бир маҳалланинг ички имкониятларини чуқур ўрганиш, мавжуд салоҳиятни самарали ишга йўналтириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли учун барқарор даромад манбаларини шакллантиришдан иборат эканини қайд этди.
Йиғилиш сўнгида белгиланган чора-тадбирларни кечиктирмасдан, сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, топшириқлар ижросини фақат ҳисоботлар билан эмас, балки эришилган аниқ натижалар асосида баҳолаш ҳамда Бағдодда бошланган ижобий жараёнларни изчил давом эттириш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.






