Вазиятлар маркази ташкил этилди
2026-08-11 18:30:00 / Янгиликлар

Марказ "Рақамли ҳокимлик" дастурий комплекси асосида фаолият юритиб, ҳудуддаги муҳим ижтимоий-иқтисодий жараёнларни тезкор мониторинг қилиш, турли соҳалардаги ҳолат ва кўрсаткичларни ягона тизим орқали таҳлил этиш имконини беради.
Айни пайтда тизимга 50 та ташкилотнинг 90 га яқин ахборот тизими интеграция қилинган. Маълумотлар тегишли ташкилотларнинг ахборот тизимларидан тўғридан-тўғри, реал вақт режимида қабул қилиниб, тегишли кўрсаткичлар асосида шакллантирилади.
Марказ орқали иқтисодиёт, инвестиция, коммунал соҳа, экология, қурилиш, ижтимоий йўналишлар, хавфсизлик ҳамда мурожаатлар билан ишлаш каби соҳалар бўйича жорий ҳолатни онлайн кузатиш ва таҳлил қилиш мумкин.
Бу эса аввал турли ташкилотларга расмий сўровлар юбориш ва маълумотларни бир неча кун кутиш талаб этилган жараёнларни сезиларли даражада тезлаштириб, бошқарув қарорларини тезкор ва аниқ маълумотлар асосида қабул қилишга хизмат қилади.
Марказда, шунингдек, тегишли ташкилотлар вакиллари ўз соҳаларига оид жараёнларни мониторинг қилиб боради. Аниқланган муаммо ёки фавқулодда ҳолатлар бўйича тезкор чоралар кўриш имконияти яратилган.
Вилоят раҳбарига айни жараёнлар таништирилди.
Вилоят ҳокими марказ фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва кўрсатмалар берди.


