Ирғоли маҳалласида лола етиштириш тажрибаси оммалаштирилмоқда
2026-08-11 17:20:00 / Янгиликлар

"Ирғоли" маҳалласида 5 минг 42 нафар аҳоли истиқомат қилади, 1 минг 22 та хонадон мавжуд.
Вилоят раҳбарининг топшириғи асосида маҳаллада лола етиштириш драйвер сифатида ривожлантирилмоқда. Лойиҳа доирасида 2026–2027 йилларда маҳалладаги 50 та хонадонни лолачиликка ихтисослаштириш мақсад қилинган. Бунда бир неча йилдан буён ҳудудда Нидерландия лолаларини етиштириб, юқори даромад олиб келаётган тадбиркор Шуҳратжон Хурсановнинг тажрибасидан кенг фойдаланилади.
Шунингдек, ҳудудда лолачилик йўналишида лаборатория, ўқув маркази ва махсус сақлаш омборларини ташкил этиш кўзда тутилган. Ёш мутахассис Хушнудбек Алижонов лойиҳа доирасида агроном сифатида фаолият юритади.
Дастлаб "Ҳар бир оила — тадбиркор" дастури доирасида 10 та хонадон танлаб олиниб, лола етиштириш ишлари бошланган. Келгусида маҳаллада мавжуд 250 та иссиқхона имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш мақсад қилинган.
Лойиҳани амалга оширишда халқаро тажрибадан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, Хитой ва қўшни Қирғизистонда гулчилик соҳасида йўлга қўйилган илғор тажрибалар ўрганилди.
Иссиқхоналарда лола етиштириш гидропоника усулида амалга оширилади. Нидерландия лолаларини етиштириш орқали бир сотих майдондан 280–300 миллион сўмгача соф даромад олиш имконияти яратилади.
Маҳаллада хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар ҳам давом эттирилмоқда. Жумладан, ҳашар йўли билан таъмирланган эски бино негизида тикувчилик цехи ташкил этилди.
Лидер тадбиркор, тикувчи Дилноза Муҳаммадалиева раҳбарлигидаги цехда 20 нафар ишсиз хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Келгусида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, тайёр маҳсулотларни экспортга, хусусан, Россия бозорига чиқариш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими ҳудуддаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, янги даромад манбаларини яратиш ҳамда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Масъул раҳбарларга лойиҳаларни самарали амалга ошириш, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича зарур тавсия ва кўрсатмалар берилди.






