Хитойлик инвесторлар Фарғона вилояти ҳудудлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
2026-08-10 14:00:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугун Чжан Чжунхуа бошчилигидаги хитойлик инвесторлар делегациясини қабул қилди.
Учрашувда Фарғона вилоятида хитойлик ҳамкорлар иштирокида амалга оширилиши режалаштирилаётган янги инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда вилоят ҳокимининг Хитой инвестицияларини жалб қилиш бўйича маслаҳатчиси Чжан Чжунхуа Фарғона вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдираётган янги хитойлик бизнес вакилларини жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Хусусан, хитойлик инвесторлар автомобилларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истагида экани маълум қилинди.
Делегация аъзолари икки кун давомида Қува туманида бўлиб, ҳудуднинг инвестициявий салоҳияти, мавжуд имкониятлар ва лойиҳаларни амалга ошириш учун яратилган шароитларни ўрганди. Қува туманида хитойлик ҳамкорлар билан янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, учрашувда Фарғона туманида амалга оширилиши кўзда тутилган инвестиция лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров хитойлик инвесторларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида зарур кўмак ва амалий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.
Учрашув якунида Фарғона вилояти ва хитойлик ҳамкорлар ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни янада жадаллаштириш, янги инвесторларни жалб қилиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.




