Аҳоли даромад манбаини ошириш ва бандлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда
2026-08-08 16:20:00 / Янгиликлар

Бағдод туманида аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш мақсадида «ўсиш нуқталари»ни ривожлантириш, мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш бўйича тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров "Қўшчинор" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. "Маҳалла еттилиги" ва аҳоли билан мулоқотда бўлди.
Қўшчинор маҳалласида 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалладаги бўш турган ер майдонида енгил конструкцияли маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва савдо дўконларидан иборат объектлар барпо этилмоқда. Лойиҳа доирасида 100 дан ортиқ камбағал оилага ушбу объектлардан жой ажратиш, уларни турли йўналишларда даромадли меҳнат билан таъминлаш кўзда тутилган.
Шу ерда вилоят ҳокимига Бағдод туманида «Долзарб 40 кунлик» доирасида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий даромадларни оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Маҳалладан ўтган Катта Фарғона каналида каноэда ва байдарка спорт тури ривожланган бўлиб, айни пайтда 70 нафардан зиёд ёш ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Ёш спортчилар республика ва халқаро миқёсда ўтказилаётган турли мусобақа ва танловларда муносиб натижаларни қўлга киритиб келмоқда.
Вилоят ҳокими спортчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур шароитларни яратиш, зарур жиҳозлар олиб бериш, машғулотлар сифатини ошириш ва иқтидорли ёшларнинг спортдаги натижаларини янада юксалтириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.






