Беларусь инвесторлари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-08-07 13:20:00 / Янгиликлар

Учрашувда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йил июль ойида вилоят делегациясининг Минск шаҳрига амалга оширган ташрифи давомидаги музокараларда келишилган лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш юзасидан фикр алмашилди. “ДОЛЯ” акциядорлик жамияти томонидан юқори босимли ювиш ускуналари, вакуум техникалари ва саноат объектларини тозалашга мўлжалланган замонавий ечимлар тақдим этилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, туризм ва бошқа истиқболли йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётгани, ҳудудлараро ҳамкорлик алоқалари изчил кенгайиб бораётганини таъкидлади. Фарғона вилоятида хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида сўз юритиб, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқотда ҳамкорликнинг кейинги босқичлари бўйича келишиб олинди.
Учрашув якунида Людмила Ковалевскаяга Фарғона вилояти ҳокимининг Беларусдаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси гувоҳномаси топширилди.



