Фарғона туманида электр ва газ таъминотини яхшилаш бўйича ишлар жадал давом этмоқда
2026-08-05 09:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёқилғи-энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Норматов, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона туманида бўлиб, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Туманда электр ва газ таъминотини яхшилаш ишлари янги «туманбай» ва «маҳаллабай» тизими асосида ташкил этилмоқда. Махсус штаб фаолият кўрсатмоқда. Ҳудуддаги 71 та маҳаллада мавжуд муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, уларни қисқа муддатларда бартараф этишга қаратилган «Долзарб 12 кунлик» амалий тадбирлари йўлга қўйилди.
Мазкур жараёнга Фарғона давлат техника университети олимлари ва иқтидорли талабалари жалб этилган бўлиб, соҳага илмий ёндашув ҳамда инновацион стартап лойиҳаларини жорий этиш ишлари бошланди.
Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва Фарғона давлат техника университети ўртасида дуал таълим йўлга қўйилиб, 27 нафар талаба иш билан таъминланди.
Амалга оширилган ишлар натижасида ҳозирга қадар 41,7 километр қўшқатор газ қувурлари демонтаж қилиниб, ягона узатиш тизимига ўтказилди. Бунинг ҳисобига 180 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинди. Шунингдек, эскирган 127 та газ тақсимлаш пункти демонтаж қилиниб, ҳар ой 54 минг куб метрдан ортиқ табиий газ тежалишига эришилди. 208 та хонадон икки босқичли газ таъминоти тизимига ўтказилди.
Электр тармоқларини модернизация қилиш доирасида 71 та трансформатор пункти ва 37,6 километр электр тармоғи мукаммал таъмирланди. 84 та электр ҳисоблагичи замонавий АСКУЭ тизимига мослаштирилди.
Ўрганишлар давомида авария ҳолатларини камайтириш, электр ва газ ҳисоблагичларини ягона ахборот тизимига улаш, энергия йўқотишлари ҳамда қарздорликни кескин қисқартириш бўйича ишларни янада жадаллаштириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.









