“Ёш мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби”: Фарғонада битирувчилар имкониятлари тақдим этилди
2026-08-03 13:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун Контент тайёрлаш маркази ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятимиздаги давлат идоралари, ташкилот ва муассасалар, йирик саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналари вакиллари, тадбиркорлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази масъул ходими Рустамжон Халилов сўз олиб, лойиҳаларнинг аҳамияти ва уларнинг ёшларни замонавий касбларга йўналтиришдаги ўрни ҳақида тўхталиб ўтдилар.
“2025–2027 йилларга мўлжалланган оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва медиа платформалари учун контент тайёрлаш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш бўйича дастури” ижроси доирасида юртимизда “Мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби” лойиҳалари амалга оширилаётгани қайд этилди.
Тадбирда лойиҳа доирасида бугунга қадар республика бўйича 10 минг нафардан ортиқ ёшлар муваффақиятли таълим олиб, замонавий медиа соҳасида фаолият юритиш имкониятига эга бўлгани таъкидланди. Хусусан, Фарғона вилояти ҳудудида 200 нафардан ортиқ СММ мутахассиси, 100 нафардан ортиқ мобилографларлар тайёрлангани маълум қилинди.
“Мобилографлар мактаби” ва “SMM мактаби” фаолияти, ўқув жараёнлари ҳамда ушбу дастурлар битирувчилари бўлган фарғоналик ёшларнинг амалий ишлари ва эришган натижалари тақдимот қилинди.
Ташкилотлар фаолиятини замонавий талаблар асосида ёритиш, профессионал медиа-контент яратиш, рақамли маркетинг ва ижтимоий тармоқларда самарали фаолият юритиш каби жиҳатларга эътибор қаратилди.
Тадбир якунида давлат ва хусусий сектор вакилларига лойиҳа битирувчиларининг касбий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларни иш билан таъминлаш ҳамда ташкилотларнинг медиа фаолияти ва ижобий имиджини янада мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар билдирилди.









