Фарғонада замонавий ўқ отиш спорти мажмуаси фойдаланишга топширилди
2026-07-31 13:25:00 / Янгиликлар

Тантанали очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳаммедов, ҳарбий хизматчилар, спортчи ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Мудофаа вазири Ш.Холмуҳаммедов Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан мамлакатимизда спортни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, хусусан, ўқ отиш спорти ҳам тобора оммалашиб бораётганини таъкидлади. Бугунги кунда ҳудудларда 116 та тўгарак ташкил этилгани, спортчиларимиз турли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришаётгани эътироф этилди. Фарғона вилоятида айни пайтда 184 нафар ёш мазкур спорт тури билан шуғулланиб, турли мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритаётгани билдирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 4 ноябрда қабул қилинган “Ўқ отиш спорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ўрин тутаётгани ва соҳада замонавий инфратузилма яратилаётгани қайд этилди. Фарғона вилояти ҳарбий-маъмурий сектори томонидан барпо этилган ушбу мажмуа ҳам ана шу эзгу ишларнинг амалий ифодасидир.
Мажмуани бунёд этиш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Қурилиш ишлари «Марғилон бинокор таъмир-қурилиш» МЧЖ томонидан қисқа муддатда амалга оширилиб, энг замонавий талабларга жавоб берадиган ўқув-машқ маскани яратилди.
Бу ерда ҳарбий хизматчилар ва спортчиларнинг мерганлик маҳоратини ошириши учун барча зарур шароитлар мавжуд. Хусусан, 3 та махсус ўқув жойи, назарий тайёргарлик синфи, шунингдек, шахсий таркиб учун маиший ва хизмат хоналари ташкил этилган.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳам барчани янги спорт мажмуаси билан табриклаб, юртимизда ёшларни спортга жалб этиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилаётгани, мазкур мажмуа улар учун катта имконият эканлигини таъкидлади. Ўқ отиш спорт турлари ривожланиб бораётганлигини қайд этиб, спортчиларга нуфузли мусобақаларда омад тилади.
Тадбир доирасида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровга Мудофаа вазирлигининг “Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун” кўкрак нишони топширилди.
Шундан сўнг иштирокчилар ўқ отиш спорти мажмуасида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.









