«Қува Агро стар» агромажмуаси имкониятлари янада кенгаймоқда
2026-07-30 16:10:00 / Янгиликлар

Мазкур агромажмуада йилига 12 турдаги 5 минг тонна маҳсулот етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишни назарда тутувчи ягона занжирли тизим яратилган. Шунингдек, кооперация асосида томорқа ва деҳқон хўжаликлари ҳудудида кичик цехларни барпо этиш, соҳа вакилларини ўқитиш, уларни «in-vitro» лабораториясида етиштирилган сифатли кўчатлар билан таъминлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар экспортига кўмаклашиш тизимли йўлга қўйилган.
“Quva Agro Star” корхонасининг замонавий ишлаб чиқариш тармоқларида водийда пишиб етилган энг сара мевалар қайта ишланади. Жумладан, қуритилган мева ҳамда бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Узум майизга, ўриклар туршакка айлантирилганида ҳам таъмини сақлаб қолади. Чунки бу энг илғор усул ва технологиялар орқали бажарилади. Қадоқланган тайёр маҳсулотлар эса хориж бо¬зорига ўзимизнинг миллий бренд — “Dehkan” номи остида экспорт қилинмоқда.
Ҳозирда мажмуада тумандаги боғбонлар учун ўқув машғулотлари ташкил этилиб, уларга янги боғларни барпо этиш ва кўчатларни замонавий технологиялар асосида парваришлаш сирлари ўргатилмоқда.
Бундан ташқари, корхонага Италия ва Испаниядан меваларни саралаш ҳамда қадоқлашга ихтисослашган замонавий ускуналар келтирилиб, монтаж ишлари олиб борилмоқда. Мажмуада маҳсулотларни шок усулида музлатиш линияси ҳам ишга туширилди.
Фарғонада етиштирилган сархил мевалар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига жаҳон бозорида талаб катта. Қува туманидаги «Мустақиллик» маҳалласида барпо этилаётган янги агрологистика маркази вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Айни пайтда қиймати 50 миллион доллар бўлган ушбу йирик лойиҳани ишга тушириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Қува туманидаги ўрганишлари давомида мазкур марказнинг қурилиш жараёнини кўздан кечирди. Вилоят раҳбари қурилиш ишларини жадаллаштириш, лойиҳани сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.









