«Каркидон» туризм мажмуасининг жозибадорлиги ошмоқда
2026-07-30 15:15:00 / Янгиликлар

Айни кунларда мазкур маскан юртдошларимизнинг энг севимли ҳордиқ манзилларидан бирига айланди. Бу ерга кунига ўртача 4 минг, шанба ва якшанба кунлари эса 15-20 минг нафаргача аҳоли дам олиш учун келмоқда.
Ҳозирги кунда туризм мажмуасида лойиҳанинг навбатдаги босқичлари доирасида қурилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, гуллар боғи, аквапарк барпо этилиб, хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш чоралари кўриляпти. Мотокросс майдонлари, 2 километрли дор йўли, картинг ва гольф майдонлари ташкил этилмоқда.
Вилоят раҳбари бу ердаги жараёнлар билан яқиндан танишиб, мажмуада тўрт фаслда ҳам аҳоли дам олиши учун зарур шароитларни яратиш, туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш, замонавий кўнгилочар ва сервис хизматларини йўлга қўйиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш юзасидан тегишли топшириқлар берди.









